Ўзбекистонда 2024-йил апрелидан газланган ва энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади

2024-йил 1-апрелдан Ўзбекистонда таркибида шакар ёки ширинлаштирувчи моддалар бўлган газланган ичимликлар, шунингдек, энергетик ичимликлар учун янги акциз солиғи кучга киради.

Бу Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 28-декабрда қабул қилинган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунида назарда тутилган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ қуйидаги акциз ставкалари жорий этилди:

Таркибида шакар ёки бошқа там берувчи бўлган ва истеъмол ўрамига қадоқланган газланган ичимликлар (энергетик ва тоник ичимликлар бундан мустасно) – литри учун 500 сўм.

Энергетик ва тоник ичимликларга 1 литр учун 2000 сўм акциз солиғи солинади.

Ушбу чора-тадбирлар газланган ичимликлар, айниқса, таркибида шакар ёки там берувчи, энергетик ичимликлар истеъмолини тартибга солишга қаратилган.

Акциз солиғининг жорий этилиши зарарли ичимликлар истеъмолини камайтириш ва шу билан бирга мамлакат бюджетига қўшимча даромад келтириши мумкин.