Ўзбекистонда ер ости иншоотлари қурилиши якунланди, тоғ-кон техникасининг 90 фоизи харид қилинди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизматидан маълум қилишларича, корхона маблағлари ҳисобидан «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятидан 10-адит ишлаб чиқариш майдончасигача 23,9 километр темир йўл ётқизилди.
Лойиҳа амалга оширилгач, Ўзбекистонда юқори сифатли кўмир ишлаб чиқариш қуввати йилига 900 минг тоннагача ошади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 13-январдаги топшириғига асосан «China Railway Tunnel Group Co., Ltd.» ва «China Coal Technology & Engineering Group Corp» «Шарғункўмир» АЖни модернизация қилиш учун ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 105,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди, шундан 89,8 миллион АҚШ доллари Эксимбанк (ХХР) ҳисобидан ажратилди. Маблағлар ишлаб чиқаришни замонавий юқори унумли ускуналарни жорий этган ҳолда модернизация қилишга йўналтирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 1000 тоннасига демпинг ҳажмини ва доимий харажатлар улушини камайтириш, шунингдек, кўмирнинг эксплуатация йўқотишларининг олдини олиш ҳисобига кўмир ишлаб чиқариш таннархини сезиларли даражада камайтиришга олиб келади.
Бундан ташқари, модернизация ишлари якунлангач, корхонада ишчилар сонини 536 нафардан 1015 нафарга ошириш режалаштирилган.