Ўзбекистонда хусусий клиникаларга солиқ имтиёзлари берилади

Ўзбекистонда хусусий тиббиётни ривожлантириш мақсадида хусусий тиббиёт ташкилотларига солиқ имтиёзлари берилади.

Хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш режалаштирилган. Бу ҳақда 2022-2026-йилларда ривожланиш стратегиясини 2022-йилда амалга ошириш бўйича “Йул харитаси” лойиҳасида айтилган.

Янги нодавлат тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш бўйича тавсия ва талаблар ҳамда бу борадаги талаблар халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудларда демографик ва касалланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, зарур ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотлари ташкил этилади ёки мавжудлари кенгайтирилади.

Халқаро тажрибага асосланган техник регламент ҳужжати тиббий тадбирларни ўтказишда ёки лаборатория ва диагностика бўлимлари фаолиятида бино ва иншоотларнинг ертўлаларидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни соддалаштириб, янги таҳрирда ишлаб чиқилади.

Тиббий ихтисослашувни ташкил этишда моддий-техника базаси ва тиббий асбоб-ускуналар учун минимал талаблар соддалаштирилади.