Ўзбекистонда электр таъминоти инфратузилмаси модернизация қилинмоқда

Тошкентда қайта тикланадиган энергия кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада қуёш батареялари ва сув иситгичларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи 20 дан ортиқ мамлакатимиз тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари намойиш этилди.

Барқарор электр таъминотига боғлиқ бўлган фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун энергия манбалари кенг кўламда янгиланиб, барпо этилмоқда.

Энергетика соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлар тармоқнинг барча инфратузилмасини модернизация ва янгилашга қаратилган бўлиб, бу электр таъминотидаги узилишлар ҳолатларини камайтиришга бевосита таъсир кўрсатади. Мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб муттасил ортиб бормоқда, бу ғайритабиий иссиқ кунларда энергия таъминотига бўлган талабнинг кескин ортиши билан яққол намоён бўлди. Бу омилларнинг барчаси бугунги кунда мамлакатимизда электр энергиясига ҳар йили 2-3 миллиард киловатт-соат қўшимча эҳтиёж мавжудлигидан далолат беради.

Келгуси беш йил ичида бу талаб 10 миллиард киловатт-соатгача ошиши кутилмоқда. Қайта тикланувчи энергия соҳасига ускуналарни кенг жорий этиш долзарб масала ва мамлакатимизнинг долзарб талабидир.

Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Масалан, ўтган йили Сув хўжалиги вазирлиги томонидан энергия ресурсларига 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимларига 200 миллиард сўм сарфланди. Бу, ўз навбатида, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ва ҳоказоларнинг барча биноларини муқобил энергияга ўтказиш вақти келганидан далолат беради.