Ўзбекистонда нодавлат олий ўқув юртлари сони 42 тага етди

2022-йилнинг ўтган даврида олий таълимнинг 8 та нодавлат нотижорат ташкилотига лицензиялар берилди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбоев маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022-2026-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегиясининг 41-мақсадидаги вазифалардан бири нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар улушини 2026-йилда 8 фоизга, жумладан, улар учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали 2022-йилда 3 фоизга оширишдан иборат.

49-мақсадда 2026-йилгача олий таълимнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш, хусусан, 2022-йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри камида битта нодавлат олий ўқув юртлари ташкил этиш.

2022-йилнинг ўтган даврида олий таълимнинг 8 та нодавлат нотижорат ташкилотига лицензиялар берилди. Хусусий университетлар жорий йилдан Қашқадарё, Бухоро, Наманган, Самарқанд вилоятлари каби олий таълим соҳасида бирорта ҳам нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд бўлмаган вилоятларда иш бошлади.

Маълум қилинишича, айни пайтда бирорта ҳам олий таълим муассасаси бўлмаган Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар инспекция томонидан лицензияланган олий таълим муассасаларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 42 тага етди.