Ўзбекистонда пенсияларни ҳисоблаш тартиби ўзгаради

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Давлат пенсиялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Хусусан, мазкур қонун лойиҳаси 2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини Инсон манфаатларини таъминлаш ва маҳаллани ривожлантириш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 223-бандига мувофиқ ишлаб чиқилгани айтилди.

Ушбу ҳужжат пенсияни ҳисоблаш учун энг юқори ўртача иш ҳақини базавий пенсиянинг 10 баробаридан 12 бараваригача оширишга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳаси ижодкорларининг фикрича, янги тартиб пенсионерларнинг даромадлари ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади, пенсия ва иш ҳақи ўртасидаги тафовут камаяди, ижтимоий адолат тамойиллари мустаҳкамланади.

Қонун лойиҳаси қўмита аъзолари томонидан дастлабки маъқулланди ва йиғилиш якунида Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги мажлисига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.