Ўзбекистонда тадбиркорларнинг солиқ қарзи бўйича фоизларни ҳисоблаш тўхтатилади

Жорий йилнинг 1 апрелига қадар хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзлари учун пенялар ундирилмайди.

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг солиқ қарзи бўйича фоизларни ҳисоблаш вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳаво ҳароратининг кескин пасайишининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, тадбиркорларга 2023-йил 1-мартдан 1-июлгача солиқ қарзини фоизсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва талабларсиз, тенг қисмларга бўлиб тўлашига рухсат берилди. Ушбу шартнинг амал қилиши учун қарз 2023-йил 1-февраль ҳолатига кўра 2023-йил 1-январга нисбатан ошган бўлиши керак.

Шундай қилиб, тадбиркорларнинг солиқ қарзи бўйича пенялар 2023-йил 1-апрелгача тўхтатилади.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга 2023-йил 1-апрелгача ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзлари учун пенялар қўлланилмайди.

Тадбиркорлар томонидан 2022-йил декабрь ва 2023-йил январ ойларида бўлиб-бўлиб тўлов асосида сотиб олинган давлат активлари учун тўлаши керак бўлган тўловлар, шу жумладан, дастлабки тўловни тўламаганлик учун фоизлар ва пеняларни ҳисоблаб чиқариш 2023-йил 1-апрелгача тўхтатилади.

Бундан ташқари, уларга 2022-йил декабрь ва 2023-йил январ ойларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабабли давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартларини бажармаганликлари учун жарима ва пенялар қўлланилмайди.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлар учун 2023-йил 1-апрелга қадар суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг давлат фойдасига ундириш билан боғлиқ ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тўхтатилади.

Фармонга кўра, уларга ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида яроқсиз ҳолга келган асосий воситаларни таъмирлаш учун ажратилган кредит суммасининг 50 фоизигача, лекин жами 2,5 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдорда кафиллик ҳам тақдим этилган.