Ўзбекистон Республикасида спортчи Мафтуна Исмоилова тақиқланган допинг препаратларини қўллагани учун 2025-йилгача мусобақалардан четлаштирилди.
Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги хабар бермоқда.
Мафтуна Исмоиловадан 2021-йил ноябр ойида мусобақадан ташқари даврда олинган допинг-тестда тақиқланган дорилар – оксандролон ва станозолол топилган.
Спортчи 2021-йил 23-декабрдан 2025-йил 22-декабргача тўрт йилга дисквалификация қилинади.
Оксандролон — чидамлиликни ошириш, мушакларнинг массасини ошириш, кучни вақтинча ошириш учун ишлатилади. Ортиқча сувни олиб ташлашга ёрдам беради, тез тикловчи таъсирга эга.
Станозолол — мушаклар кучини ва умумий чидамлилигини сезиларли даражада оширади, танадан ортиқча суюқликни олиб ташлайди, тана ёғини ёқишга ёрдам беради.
Ўтган ҳафтада ўзбекистонлик юнон-рум курашчиси Султонбек Элмуратов допинг истеъмол қилгани учун тўрт йилга мусобақалардан четлаштирилгани маълум бўлди.