Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши цивилизациялашган мамлакатларда қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиши Россиядан энергетик мустақилликни таъминлайди, дея ишонч билдирмоқда Ғарб экспертлари.

“Янги келишув аҳоли ва тадбиркорлик субектлари эҳтиёжларига хизмат қилишдан ташқари, иқтисодиётни мустаҳкамлайди ва атроф-муҳитга фойда келтиради. Бундан ташқари, Ғарб атроф-муҳитга бўлган ғамхўрликни юқори баҳолайди ва яшил иқтисодиёт лойиҳаларига сармоя киритишга тайёр.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022-йил декабр ойида ҳукумат амалга ошириши керак бўлган бир қатор ислоҳотларни имзолаган эди. Унда яшил, барқарор ва инклюзив ривожланишга эришиш учун мавжуд экологик ва иқтисодий муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирларини ўз ичига олган “Яшил иқтисодиёт” ва “Яшил ўсиш 2030”га ўтиш бўйича Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон ресурслардан фойдаланиш муаммосини ҳал қилиши керак. Республика Қозоғистонга қараганда икки баробар кўп электр энергияси истеъмол қилади. Энергетика магистраллари ва тизимларини қайта қуриш аҳолини қишда ҳам узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ва энергия ресурсларининг ортиқча импортидан воз кечиш имконини бериши керак.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Россия автомобиллар учун энг зарарли ёқилғи тури ҳисобланган А-80 бензинини республикага етказиб бера бошлади. Углерод изи билан ифлосланган ҳаво шамол эсаётган чанг ва қум билан кучаяди. Бу тупроқ деградациясининг натижасидир. Бу муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон Жаҳон банки билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш сиёсатини ҳозирдан амалга ошириш керак, чунки ўрта муддатли истиқболда дунёнинг ривожланган мамлакатлари углерод изи чегараларини тартибга солиш учун углеводородлар тақсимотига солиқ солишни бошлайди. Бу ташаббус Жаҳон банки, Европа тараққиёт банки ва ривожланган мамлакатларнинг хусусий инвесторлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда”, деб ёзади Ғарб сиёсатшунослари.

Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёнини бошлаш орқали бебаҳо тажриба тўплаши ва Марказий Осиёда буни амалга оширган биринчи давлатга айланиши мумкин. Шу тариқа Тошкент минтақада етакчига айланади ва ўз тажрибасини қўшнилари билан баҳам кўра бошлайди.

Мамлакат электр энергиясини импорт қилиш ўрнига бошқа Марказий Осиё республикаларига экспорт қилиш имкониятига эга бўлади, бу эса нафақат иқтисодиёт, балки давлат мақомини ҳам мустаҳкамлайди. Энг муҳим жиҳат энергетик мустақиллик бўлади, бу эса қўшнилардан углеводородларни мажбурий импорт қилишдан воз кечиш ва шу орқали уларнинг Тошкентга таъсирини камайтириш имконини беради.