«Ўзбеккино» дан акция бўлиб ўтмоқда: бепул филмлар намойиши бўлмоқда 

«Ўзбеккино» 2020 йил 12-15 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган «Бизнинг кино» деб номланган кенг кўламли акцияни эълон қилди.

Лойиҳа коронавирус пандемияси оқибатида аҳолининг руҳий ҳолатини кўтариш, маданий ҳордиқ чиқариш учун шароит яратиш ва ўзбек миллий кинематографиясининг янги маҳсулотлари билан фуқароларни таништириш мақсадида ташкил этилди.

Лойиҳа доирасида «Илҳак», «Авлони», «Ибрат», «Тенгиз», «101» бадиий филмлари намойиш этилмоқда. Аксия давомида бутун республика бўйлаб 60 га яқин намойишлар бўлиб ўтади.

Намойишлар кинотеатрлар, мактаблар, меҳрибонлик уйлари, аҳоли дам олиш жойлари, маданият марказлари, маҳаллаларда, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги болалар шифохоналари ва диспансерларида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз! Акция «Янги Ўзбекистон — янги дунёқараш» дастурига мувофиқ ташкил этилган.