«Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари Андижон ва Фарғона вилоятларидаги ишлаб чиқариш базаларида бўлди.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг турли бошқарма ва тизим корхоналаридан иборат ишчи гуруҳи Андижон ва Фарғона вилоятларидаги бир қанча корхоналарда бўлиб, хориждан келтирилган еҳтиёт қисмлар ва саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Мутахассислар «SDK GROUP AND» МЧЖ (саноат мойлари ва филтрлари ишлаб чиқарувчиси), «SPZ-BEARINGS» МЧЖ (подшипниклар ишлаб чиқарувчи), «SAXOVAT» МЧЖ (тормоз колодкалари ишлаб чиқарувчи), «Uz Auto Motors» АЖ (автомобил ишлаб чиқарувчи)ва «Trailer Trade Services» МЧЖ корхоналарида бўлди, деб хабар беради компания ахборот хизмати .

«Uz Auto Motors» акциядорлик жамиятига ташрифи доирасида гуруҳ аъзолари автомобилларни ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, автоматлаштирилган ва механик қурилмалар ишини кўздан кечирди.

Енгил автомобиллар учун хориждан келтирилаётган еҳтиёт қисмлар ҳам кўриб чиқилиб, уларни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда ўзлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокама якунлари бўйича «Uz Auto Motors» акциядорлик жамияти томонидан импорт учун харид қилинадиган маҳсулотларнинг техник параметрлари ва характеристикалари бўйича батафсилроқ маълумот олишга қарор қилинди.

Тизим корхона ва бошқармаларида бўлиб ўтган ташриф чоғида импорт орқали харид қилинадиган турли турдаги филтр, мой ва подшипникларга бўлган эҳтиёж юзасидан имзоланган баённомалар муҳокама қилинди.

«SDK GROUP AND» МЧЖ ҳам Шўртан нефт-газ қазиб олиш бошқармаси учун ўртача 180 минг доллар тежайдиган HD 3188 маркали филтр ишлаб чиқаришни ўзлаштирганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Муборак газни қайта ишлаш заводида ишламай қолган хориждан келтирилган гидравлик филтрларни таъмирлаш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувдан сўнг саноат, хусусан, саноат-экспериментал кооперацияни кенгайтириш бўйича кейинги чора-тадбирлар белгиланди