«Ўзбекнефтгаз» компанияси раиси Баҳодир Сидиқов Ўзбекистонда дизел ёқилғиси нархини 15 фоизга тушириш режасини маълум қилди. Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12-феврал куни қишлоқ хўжалигига бағишланган йиғилишдаги топшириғига асосан билдирилди.
Сидиқовнинг сўзларига кўра, дизел ёқилғиси таннархини пасайтириш қишлоқ хўжалигида маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган. Фермер хўжаликларига 680 минг тонна дизел ёқилғисини арзон нархларда ва кафолатланган сифатда етказиб бериш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришни ўтган йилга нисбатан 200 минг тоннага оширишни режалаштирган.
Сидиқовнинг сўзларига кўра, ҳисоб-китоб жараёни бир ҳафта ичида якунланади, шундан сўнг биржадаги дизел ёқилғиси нархи 15 фоизга арзонлашади. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти марказий аппарати ҳамда ҳар бир нефт базаси ва ёқилғи қуйиш шохобчалари вакиллари ҳудудларда фаолият юритадиган, топшириқларни бажариш учун ҳар ким ўз масъулиятини ўз зиммасига оладиган мониторинг тизими яратилади.