Жаҳон таълим дастурини ишлаб чиқиш Самарқанд форумида муҳокама қилинади

2022-йил 5-6-декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Самарқанд Глобал форумида Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича Жаҳон дастурини ишлаб чиқиш муҳокама қилинади.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича Жаҳон дастурининг бошланиши 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеясида берилган. Жаҳон таълим дастурини глобал миқёсда амалга оширишни мувофиқлаштириш БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси зиммасига юкланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича Жаҳон дастури доимий ташаббусдир. Бу жараённи ҳаётнинг барча жабҳаларига етказиш учун мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаблар, олий ўқув юртлари, ўқитувчилар ва фаоллар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий хизматчилар, оммавий ахборот воситаларида жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим декларациясини миллий даражада амалга оширишни кучайтиришга ёрдам берадиган фойдали воситадир.

Дастурни амалга ошириш бир неча босқичларни ўз ичига олади, улар жаҳон ва миллий миқёсда амалга оширилади.

  • Биринчи босқич (2005-2009 йиллар) инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаблар тизимига интеграциялашувини қамраб олди;
  • Иккинчи босқич (2010-2014-йиллар) инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни олий таълим тизимига интеграциялаш ҳамда ушбу соҳада ўқитувчи ва педагог кадрлар, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга бағишланган;
  • Учинчи босқичда (2015-2019-йиллар) эркин, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларининг адолатни таъминлаш, камситишнинг олдини олиш, ҳурматни таъминлашдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фикр етакчиларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди;
  • Тўртинчи босқич (2020-2024-йиллар) ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқлари ва камситилмаслик руҳида тарбиялаш, шунингдек, инклюзив, тинч ва осойишта жамият яратиш учун таълим беришга қаратилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2022-йил 6-октябрдаги резолюциясида Тўртинчи босқични амалга ошириш жараёнида турли томонларнинг ижобий ташаббуслари қайд этилди, Жаҳон таълим дастури босқичларини барча йўналишларда амалга оширишни фаоллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Мазкур резолюцияда инсон ҳуқуқлари соҳасида Жаҳон таълим дастурининг навбатдаги бешинчи босқичи бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масаласи кўтарилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасига ушбу мавзу бўйича БМТнинг барча тузилмалари, давлатлари, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш тавсия этилади.

Ўзбекистонда «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» глобал форуми иштирокчилари олдига ана шундай вазифа қўйилди. Бу бутун инсоният учун муҳим глобал аҳамиятга эга бўлган, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни глобал миқёсда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқиладиган Самарқанд форумининг долзарблигини кўрсатади.