2023 йилдан Ўзбекистонда Tax Free тизими ишлай бошлайди

Вазирлар Маҳкамаси 2023-йил 1-январдан Ўзбекистонда Tax Free тизимини тажриба тариқасида жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ўзбекистонда чет эл фуқаролари Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни сотиб олаётганда улар томонидан тўланган ҚҚС суммаларини уларга қайтариш бўйича Tax Free тизими жорий этилган.

Қайси товарлар солиқдан озод қилинади?

Қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган, республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо шохобчаларида сотиладиган товарлар учун.

Харид қилиш учун қанча пул керак?

Tax Free тизимига кирувчи товарларни харид қилишнинг умумий суммаси камида 1 миллион сўм бўлиши керак.

Хорижий фуқаро Tax Free дан қандай фойдаланиши мумкин?

Бунинг учун у «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва амалга оширилган харидлар бўйича фискал кўрсатувчи онлайн касса квитансияларини сканерлаши кифоя. Tax Free суммасини ҳисоблаш ва уни хорижий фуқаронинг банк пластик картасига ёки банк ҳисоб рақамига ўтказиш ушбу тизим оператори бўлган «Солиқ-сервис» ДУК томонидан амалга оширилади. Барча жараёнларни мобил иловада онлайн кузатиш мумкин.

Хорижий фуқаролар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари орқали Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда товар сотиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида тизим операторига мурожаат қилган ҳолда ҚҚСни қайтариш учун ариза беришлари мумкин бўлади.

Тўланган солиқ қачон қайтарилади?

Tax Free суммаси чет эл фуқаросининг Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетганлиги ҳолати тасдиқланганидан кейин харид қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.