22 нафар ўзбекистонлик талабанинг Жанубий Кореядан мажбуран чиқариб юборилиши: элчихона изоҳи

ОАВда Ханшин университетида таҳсил олаётган 22 нафар ўзбекистонлик талаба Жанубий Кореядан мажбуран чиқариб юборилгани ҳақида маълумот чоп этилди.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида университет маъмурияти билан боғланди.

Дипломатларга кўра, ўзбекистонлик талабалар шу йилнинг сентябр ойидан Ханшин университетида тил курсларида таҳсил бошлаган.

Таълим муассасасининг сиёсати ва қоидаларга риоя қилиш мажбуриятларига қарамай, талабалар университетнинг ички тартиб-қоидаларини бузишни, маҳаллий иммиграция қоидаларига мувофиқ ҳужжатлар сўровларини эътиборсиз қолдиришни, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланишни ва дарсларни ўтказиб юборишни бошладилар.

Университет маъмурияти қоидаларга риоя қилишни ваъда қилиб, мажбурий хат ёзган талабаларга нисбатан интизомий чоралар кўрди.

Бироқ талабалар томонидан яна қонунбузарликлар содир этилиши натижасида уларнинг саккиз нафари тиббий суғуртасиз автоҳалокатга учради ва уларнинг даволаниши учун сарфланган харажатлар университет томонидан қопланади.

Университет ўзбекистонлик талабаларни Жанубий Кореяда яшаш ҳуқуқини қўлга киритишдан олдин ҳам ўқув юртидан чиқариб юборишга қарор қилди. Ушбу қарор натижасида 27 ноябр куни 22 нафар талаба мамлакатдан чиқариб юборилди.

Ҳозирда Ўзбекистон элчихонаси содир бўлган ҳолатларнинг қонунийлигини аниқлаш мақсадида Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокаралар олиб бормоқда. Улар ўзбек талабаларининг Ханшин университетидан мажбуран чиқариб юборилиши қонунийлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.