5 сентабрга қадар деҳқон бозорларида озиқ-овқат ярмаркалари ишлайди

Мустақиллигимизнинг 31-йиллиги арафасида барча шаҳар ва вилоят марказларида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди. Улар 5 сентябргача ҳар куни соат 8:00 дан 20:00 гача ишлайди.

Ижтимоий йўналтирилган ярмаркалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, ҳокимликлар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Асаларичилар уюшмаси, Спиртли ичимликлар, тамаки бозорларини тартибга солиш виночилик ва фермер хўжаликларини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан чакана савдо шохобчаларида сотувчилар учун барча шарт-шароит яратилгани, уларни пештахталар, музлатгичлар, тарозилар ва маҳсулотларни сақлаш учун омборлар, тўлов терминаллари билан таъминлангани ҳақида хабар берди. Эндиликда харидорлар пластик карточкалар орқали тўлаш имкониятига эга.

Ярмаркалар фермер ва деҳқонларга ўз маҳсулотларини савдо расталарини ижарага олмасдан тўғридан-тўғри харидорларга сотиш имконини беради — вазирлик бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг харажатлари ва маҳсулотларнинг якуний нархини пасайтиради, деб умид қилмоқда.

Ҳар бир бозордаги ярмаркалар ассортименти ҳар хил, чунки уни турли ҳудудлардан келган фермерлар ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли ташкилотлар билан биргаликда уларнинг нархлари ва бозорлардаги маҳсулотлар билан таъминланиш даражасини ҳар куни назорат қилиб боради.

Тошкент шаҳридаги 11 та асосий деҳқон бозорлари: Фарҳод, Аския, Сергели, Эски жува, Авиасозлар, Қуйлюк, Юнусобод, Миробод, Қорақамиш, Наврўз ва Чилонзорда ярмаркалар фаолият юритмоқда. Мева-сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, гуруч, гўшт-сут маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, шакар ва турли ичимликлар сотилмоқда.