Агар гаровга олинганлар озод этилмаса, Исроил Ғазо жанубидаги операцияни кенгайтиришга тайёр

Исроил, агар ХАМАС гаровга олинган исроилликларни қайтармаса, Ғазо сектори жанубидаги ҳарбий амалиётини кенгайтиришга тайёрлигини билдирмоқда.

Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзоси Бенни Ганц, агар гаровга олинганлар март ойида Рамазон ойигача қайтарилмаса, Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳрида қуруқликдан ҳужум уюштириш мумкинлигини таъкидлади.

Ганц Қуддусдаги америкалик яҳудий етакчилари олдида қилган чиқишида, агар исроиллик гаровга олинганлар Рамазонгача қайтарилмаса, жанглар ҳамма жойда, жумладан, Рафаҳ ҳудудида ҳам авж олишини айтди. Бу йил Рамазон ойи 10-мартдан бошланади.

Ганцнинг таъкидлашича, Исроил кучлари тинч аҳолини эвакуация қилишни таъминлаш ва тинч аҳоли қурбонларини минималлаштириш учун америкалик ва мисрлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилади.

Шунингдек, у ХАМАСда танлов борлигини таъкидлади – таслим бўлиш, гаровга олинганларни озод қилиш, шундан сўнг Ғазо фуқаролари Рамазон ойини нишонлашлари мумкин.