Кеча соат 21:00да Қамчиқ довони орқали автотранспорт воситалари ҳаракати тикланди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Чоршанба куни кучли қор ёғиши ва қор кўчкиси хавфи туфайли довонни ёпишга тўғри келди. Ушбу қарор туфайли иккита қор кўчкиси пайтида ҳеч ким жабрланмади.
Тахминан бир сутка давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, «Ўзгидромет», «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Қамчиқавтойўл» ва бошқа тузилмалар ходимлари билан биргаликда қор кўчкилари такрор содир бўлиши хавфининг олдини олишда иштирок этди.
Шунингдек, довонга фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳам етиб келди ва воқеа оқибатларини бартараф этиш, йўлда қолганларга ёрдам кўрсатишга раҳбарлик қилди.
Довон ёпилганидан кейин автомобиллари йўлда қолган ҳайдовчиларга транспорт воситаларини хавфсиз жойга олиб чиқишга ёрдам берилди. Бундан ташқари, улар учун иссиқлик пункти ҳамда Оҳангарон ва Ангрендан Фарғона водийсига қўшимча темир йўл қатновлари ташкил этилди.