Амирлик компанияси Тошкентда оқава сувларни тозалаш ишларини олиб боради

Abu Dhabi Sewerage Services Company вакиллари ва вазифасини бажарувчи Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Тошкент вилоятида оқава сувларни йиғиш ва тозалаш бўйича янги иншоотни қуриш режасини муҳокама қилди. Лойиҳа тозалаш иншоотларини қуриш ва қувурлар инфратузилмасини модернизация қилишни назарда тутади.

Компаниянинг сотувлар бўйича ижрочи директори Абдулваҳоб ал-Шариф Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, Сурум маҳалласи ҳудудида қурилиши режалаштирилган оқава сувларни тўплаш ва тозалаш иншоотининг дастлабки лойиҳасини тақдим этди лойиҳани якунлаш учун баъзи техник, ташкилий ва ҳуқуқий масалаларни биргаликда ҳал қилиш кераклиги алоҳида таъкидлади.

Лойиҳа 2 босқичда амалга оширилиши ва кунига 1,5 миллион куб метр чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш имконини бериши кутилмоқда.

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа нафақат тозалаш иншоотларини қуриш, балки мавжуд тозалаш иншоотларига олиб борувчи барча марказий қувурларни бирлаштириш ва модернизация қилишни ҳам кўзда тутади. Шу муносабат билан вақт ва бюджет бўйича стандарт арзон таклифлар тайёрланди.

Тўлиқ ҳуқуқли лойиҳа учун топографик тадқиқот, шаҳар аҳолисининг ўсиши прогнози каби бир қатор маълумотлар керак. Объект қурилишини бошлаш 2024 йилнинг январига мўлжалланган.

Шавкат Умурзоқов қисқа вақт ичида тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан керакли маълумотлар берилишини айтди. У мазкур лойиҳа Тошкент шаҳри учун ниҳоятда долзарб еканини таъкидлаб, уни тезроқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. У «Янги Тошкент» ҳам ушбу тизимга уланишини айтиб, туман объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар инфратузилмани тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади, дейилади хабарда.