Қатардаги жаҳон чемпионатида Аргентина Францияни мағлуб этди

Аргентина терма жамоаси Қатардаги жаҳон чемпионатининг финал учрашувида Францияни пеналтилар сериясида мағлуб этди ва жаҳон чемпиони бўлди. Учрашув 18-декабр, якшанба куни «Лусаил Айконик» стадионида бўлиб ўтди. Асосий вақтда жамоалар 2:2 ҳисобида ўйнади. Қўшимча бўлимларда аргентиналиклар ва французлар яна биттадан гол уришди, шундан сўнг ҳисоб 3:3 бўлди.

Ўйиннинг 23-дақиқасида Аргентина ҳисобда олдинга чиқиб олди. Кейин аргентиналиклар сардори Лионел Месси пеналтидан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. 36-дақиқада Анхел Ди Мария яна бир голни Франция дарвозасига киритди.

Франция иккинчи бўлим охирида Килиан Мбаппенинг дубли эвазига ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. У ўйиннинг 80-дақиқасида пеналтини голга айлантирди ва ўйиннинг 81-дақиқасида яна бир гол урди. Шундан сўнг Месси 109-дақиқада гол уриб, Аргентинани яна олдинга олиб чиқди. Франциялик Мбаппе 118-дақиқада хет-трик қайд этди ва пеналтидан ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиндан кейинги 11 метрлик зарбалар сериясида ҳал қилувчи пеналтини Гонсало Монтиель амалга оширди.

Ўйин охиригача Франция терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони эди. 2018 йилда у Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритганди. Бунгача французлар 1998 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби бўлишган, 1958 ва 1986 йиллардаги жаҳон чемпионатларининг бронза медалларини қўлга киритишган.

Ўйин натижасида Аргентина терма жамоаси уч карра жаҳон чемпионига айланди (1978, 1986, 2022).