Австралия ва Нидерландия MH17 самолётининг уриб туширилиши юзасидан Россияга қарши биргаликда судга мурожаат қилди

Австралия ва Нидерландия 2014-йилда Украина осмонида уриб туширилган Malaysia Airlines йўловчи самолёти учун товон ундиришни талаб қилиб, Россияга қарши судга мурожаат қилди.

Бу ҳақда Австралия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Марис Пейн маълум қилди.

2014-йилнинг 17-июлида Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейсини амалга ошираётган Malaysia Airlines компаниясининг Boeing 777 самолёти Донецк вилоятида ҳалокатга учради. Бортдаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Текширув давомида самолёт Россиядан Украинага олиб келинган “Бук” зенит-ракета мажмуасидан фойдаланган ҳолда россияпараст айирмачилар иштирокида россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан уриб туширилгани аниқланган. Хусусан, ҳужумда фойдаланилган “Бук” ҳаво мудофаа тизими Россия Мудофаа вазирлигининг 53-зенит-ракета бригадасига тегишли эди.

Давлатларнинг қўшма баёнотида айтилишича, Россияни жавобгарликка тортиш учун барча мавжуд воситалар қўлланилади.

Австралия ва Нидерландия 2014-йилда Украина осмонида уриб туширилган 298 киши, жумладан 38 австралиялик ҳалок бўлган MH17 самолёти ҳалокати учун Россия Федерациясидан товон пули ва узр сўрашини талаб қилмоқда.

Ўз навбатида, Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хекстра 298 нафар тинч аҳоли, жумладан, 196 нафар голландияликнинг ўлими жазосиз қолиши мумкин эмас ва қолмаслиги ҳам кераклигини айтди.

“Украинадаги ҳозирги воқеалар бунинг муҳимлигини таъкидламоқда”, деди у.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциянинг 84-моддаси бўйича қўшма ҳаракат тўртта гумонланувчи ва уларнинг шахсий жиноий жавобгарлиги билан боғлиқ бўлган Нидерландияда худди шу иш бўйича суддан фарқ қилади.

Австралия Россиядан компенсацияни тўлиқ ундиришни ва Россиянинг Авиация кенгашидаги овоз бериш ҳуқуқини тўхтатишни талаб қилишини айтди.