Лола Каримова Калифорниядаги ҳашаматли саройини 36 миллион долларга бозорга чиқарди.
Ўзбекистон собиқ президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев билан алоқадор бўлган корпорация Беверли-Хиллздаги (Калифорния, АҚШ) Le Palais кўрсатилган суммага муваффақиятли сотди, деб ёзади The Wall Street Journal нашри.
Ҳозирча харидорнинг кимлиги сирлигича қолмоқда. Ўз вақтида, 2013 йилда худди шу компания Le Palais саройини 32,75 миллион долларга сотиб олган эди.
Тахминан 4,5 минг квадрат метр бўлган бу уй 2011 йилда машҳур супермоделлар Гиги ва Белла Хадиднинг отаси Мухаммад Ҳадид томонидан лойиҳалаштирилган. Мухаммад Ҳадид Лос-Анжелеснинг нуфузли ҳудудларида ҳашаматли меҳмонхоналар ва резиденцияларни яратишга ихтисослашган таниқли архитектор сифатида кенг тан олинган. Сарой Beverly Hills меҳмонхонаси рўпарасида жойлашган бўлиб, қўлда ишланган француз оҳактош фасадига эга.
Мулк тавсифида айтилишича, уйда етти ётоқ хонаси ва 11 ҳаммом мавжуд. Бундан ташқари, 200 нафар меҳмонга мўлжалланган банкет зали, галерея, 12 та машинага мўлжалланган ер ости гаражи, супер кинотеатр, очиқ ва ёпиқ бассейнлар мавжуд. Шунингдек, ҳудудда тўртта атиргул боғи, оққуш ҳовузи ва иккита фаввора мавжуд.
Тўрт йил аввал Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев Голливуддаги нархи 6 миллиондан 6,5 миллион долларгача бўлган учта уйни сотиш ниятида эканликларини маълум қилган эди.
Нашр расмий сайтида ёзилишича, собиқ дипломат Лола Каримова-Тиллаева Harmonist Maison de Parfum парфюмерия компанияси асосчиси сифатида ҳам танилган.