Бизнес-омбудсман Тошкент вилоятидаги колонияга ташриф буюрди

Бизнес-омбудсман Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 7-сонли жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман муассасада муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган маҳкумлар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил матбуот хизмати хабар берди.

“Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – маҳкумларнинг илгари фаолият юритган соҳалари, уларга кўмак кўрсатиш масалалари, шунингдек, муассасада сақланаётган шароитларни ўрганишдан иборат”, — дейилади хабарда.

Маҳкумларга амалдаги қонунчиликнинг тадбиркорлик субектларига яратиб бераётган имкониятлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг ЎзРҚ-440-сон Қонунига мувофиқ, бизнес-омбудсман тадбиркорлик субектлари вакиллари – гумон қилинувчи, айбланувчи ва тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар ҳолатлари устида судланган шахслар билан учрашиш учун қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига эркин ташриф буюриш ҳуқуқига эга.