Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди

Ўзбекистон бокс федерацияси 14-26 ноябр кунлари Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунларини эълон қилди. Дунёнинг 74 давлатидан боксчилар иштирок этган чемпионат якунларига кўра, республикамиз терма жамоаси 10 медални қўлга киритиб, турнир жадвалида пешқадамлик қилди.

“Бу чинакам тарихий воқеа: Ўзбекистон илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Қолаверса, сўнгги икки босқич бир хилда кескин ўтди, чунки ярим финалда уч нафар йигитимизга кубалик таниқли боксчилар қаршилик кўрсатишди, қозоғистонлик спортчилар билан бўлган принципиал дуэл эса финалга ўзгача драматиклик бағишлади. «Олтин»дан тортиб «бронза»гача бўлган ҳар қандай қийматдаги медалларни нафақат йигитлар, балки терма жамоанинг иқтидорли қизлари ҳам қўлга киритиши ҳам муҳим ва қадрлидир. Асосий натижа шу: ҳозирги юлдузларимиз бугун муносиб ўринбосарга эга бўлди, маҳаллий бокснинг келажаги катта», — деди Ўзбекистон бокс федерацияси раиси ўринбосари Сакен Пўлатов.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида чемпионатга жами 20 нафар спортчи (12 ўғил ва 8 қиз) йўл олди. Зафарли ўйин терма жамоамиз ҳисобига 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини келтирди ва бу боксчиларимизга медаллар жадвалида сўзсиз етакчиликни таъминлади – бу ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор.

«Олтин»:

• 48 кг – Гулсевар Ғаниева

• 57 кг – Бахтиёр Асадов

• 67 кг – Жавоҳир Умматалиев

• 71 кг – Фазлиддин Эркинбоев

• 75 кг – Тўрабек Ҳабибуллаев

«Кумуш»:

• 70 кг – Азиза Зокирова

• 80 кг – Раҳматилло Бойматов

• 81 кг – Олтина Сотимбоева

«Бронза»:

• 54 кг – Хўжаназар Нортожиев

• 75 кг – Сахобат Хусанова

Эслатиб ўтамиз, яқинда Амманда (Иордания) бокс бўйича якунланган Осиё чемпионатида Ўзбекистон катталар терма жамоаси ҳам биринчи умумжамоавий ўринни қўлга киритган эди.