Бухоро вилоятида қурилаётган шамол электр станцияси

Айни пайтда Бухоро вилоятида 2 та, Навоий вилоятида 1 та, Қорақалпоғистонда 1 та шамол электр станцияси қурилиши давом этмоқда.

Улардан бири Навоий вилоятининг Тамди туманидаги 500 мегаватт қувватга эга шамол электр станциясидир.

Ушбу станция Амирликнинг Masdar компанияси томонидан қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 22-декабрдаги қарори асосида амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳанинг умумий қиймати 600 миллион долларни ташкил этади. 100 фоиз хорижий сармоя ҳисобидан барпо этилаётган мазкур станция қурилишида 800 тагача, фойдаланишга топширилгандан кейин эса 30 та янги иш ўрни яратилади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024-йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу электр станцияси йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бунинг натижасида йилига 540 миллион куб метр табиий газ тежалади ва 720 минг тонна зарарли газнинг атмосферага кириб келишининг олди олинади.