Олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш даврида мансабдор шахслар ишонувчан фуқароларни университетларга ўқишга киришда ёрдам беришни ваъда қилиб, алдашга уринади.
Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Риштон туман халқ таълими бўлими ходими ўз таниши билан тил бириктириб, икки нафар фуқарога юқори мансабли танишлари орқали Фарғона вилоятининг мактабгача таълим ва бошланғич таълим ҳамда ҳуқуқшунослик факултетларига ўқишга киришда ёрдам беришни ваъда қилган. Бунинг учун университет 18 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар сўралган маблағни олаётган вақтда қўлга олинди.
Яна бир ҳолатда Фарғона давлат университети Ҳарбий таълим факултети декан ўринбосари 4 нафар абитуриентга ушбу факултетга ўқишга киришда амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширишга ёрдам беришни ваъда қилиб, ҳар биридан 5,1 миллион сўмдан (жами 20,4 миллион сўм) пул талаб қилган. У ҳам сўралган суммани олгач, қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.