Фарғона водийсида ёқилғи қуйиш шохобчалари иши чекланди

Ҳавонинг совуқ келиши ва газга талаб ортиши муносабати билан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги газ қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланди.

Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» хабар берди.

7-декабрдан бошлаб Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги газ қуйиш шохобчалари ўз ишини вақтинча тўхтатди, деб хабар берди «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати. Кейинроқ компания постни ўчириб ташлади ва ёқилғи қуйиш шохобчаларининг ишлаши тасдиқланган жадвал доирасида чекланганини маълум қилди.

“Ҳавонинг совуқ келиши туфайли аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларининг табиий газга бўлган талаби ортгани боис уларни табиий газ билан таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари бугун, 7-декабр куни соат 11:00 дан бошлаб вақтинча ишламай қолди», — дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, АГҚШ «вазият ҳал қилинганидан кейин» ишлай бошлайди.

4 декабр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоат транспортидан ташқари барча автотранспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилишини маълум қилди. Совуқ туфайли газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. «Ресурслар тугамоқда», деди шаҳар маъмурияти.