Фарғонада болалар боғчаси ҳудудидаги 15 туп дарахт кесилди

Боғча ҳудудидаги 15 туп дарахт ноқонуний равишда кесилган, етказилган зарар миқдори 245 миллион сўмдан ошган.

Бу иш бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказилади.

11 май куни Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Фарғона шаҳридаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида дарахтлар кесилаётгани ҳақида хабар келиб тушди.

Жойларда ўтказилган кўздан кечириш жараёнида боғча ҳудудидан 1 туп чинор, 6 туп япон софораси ва 8 туп арча ўзбошимчалик билан кесилганлиги аниқланди.

Ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 245 миллион 565 минг сўмни ташкил этади.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказиш учун тайёрланмоқда.