Германияда Алишер Усмоновнинг бир неча уйи тинтув қилинди

Германия политсияси солиқ идоралари билан биргаликда россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга тегишли бўлган бир қатор мулкларни тинтув қилмоқда.

Der Spiegel нашрининг ёзишича, тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва пул ювишда гумон қилинмоқда. Нашр маълумотларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида Алишер Усмонов қарийб 555 миллион евро солиқ тўлашдан бўйин товлаган.

“Рейддан кўзланган мақсад Усмоновга нисбатан ташқи савдо тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, жиноий даромадларни легаллаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилиниб, илгари ёпилган ишлар бўйича далилларни топишдан иборат”, дейилади хабарда.

Der Spiegel-нинг қайд этишича, тергов бир неча йиллардан бери Усмонов ҳақида маълумот тўплаган. Ҳозир полиция Бавариядаги тадбиркорнинг уйида тинтув ўтказмоқда. Усмоновнинг Мюнхен яқинидаги Тегернсее кўлидаги виллаларида ҳам тезкор ҳаракатлар олиб борилмоқда.

21-сентабр куни эрталаб немис полицияси махсус кучлари Усмоновнинг Роттах-Эгерндаги яна учта турар-жой биносига кириш имконига эга бўлди. Қидирувларда жами 250 нафар политсия ходими иштирок этди.

Украинада уруш бошланганидан кейин Европа Иттифоқи россиялик миллиардерга қарши санкциялар киритди. Ҳозир, немис нашри аниқлик киритишича, Усмонов Ўзбекистонда.

Германия Оғир жиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Усмонов фаолиятига алоқадорлиги айтилаётган банклардан пул ювишда гумон қилинган 100 га яқин хабарларни тўплаган.