«Ичан-қалъа» музей-қўриқхонасида сохта экспонаттар топилди

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси ва Маданий мерос агентлиги ҳамкорлигида «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси фондини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилди.

Ўрганиш давомида қатор камчилик ва муаммолар аниқланди, деб хабар беради агентлик матбуот хизмати.

Жумладан, алоҳида ашёларнинг характеристикалари ўзгарганлиги тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, 1994-йилгача музей фондига ашёларни қабул қилиш далолатномаларининг бир қисми музей масъул ходимлари томонидан ишчи гуруҳга тақдим этилмаган.

Тадқиқот давомида ноёб объектлар рўйхатига киритилган нарсалар таҳлил қилинди. Жами 101 та музей ашёлари ҳажми, материали, ишлов бериш услуби ва яратилиш даври жиҳатидан қайд дафтаридаги тавсифларга мос келмаслиги аниқланди.

Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, тегишли хат-ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.