Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Германия ва Ўзбекистон Республикаси фермерлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Бугун, 20-июн куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Германиянинг GFA Consulting Group GmbH компанияси мутахассислари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экспертлар гуруҳи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги (BMEL) томонидан молиялаштирилган икки томонлама ҳамкорлик дастурини (ИТҲМ) ишлаб чиқиш доирасида бўлиб ўтди.

ИТҲМ давомида маҳаллий мутахассислар замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда барқарор экин етиштириш, чорвачилик соҳасида иш юритишнинг илғор немис усуллари, шунингдек, фермер хўжаликларини бошқариш кўникмаларига ўргатилади.

– Йиғилишда аграр комплекс учун бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ бўлган органик қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш мавзусига тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ва молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратди. Ер ҳуқуқи, уруғчилик мавзуларига тўхталдик. Шунингдек, Ўзбекистонда экологик барқарор ва иқлимга мос ем-хашак экинларини ривожлантириш бўйича бўлажак биринчи лойиҳа тафсилотларини ҳам муҳокама қилдик”, — деди Халқаро молия институтларининг грантлар ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Рамин Ҳасанов.