ЮНИСЕФ Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1,5 million долларлик компютерларни топширди

ЮНИСЕФ иммунизация, эмлаш ва умуман соғлиқни сақлашни бошқаришни яхшилаш учун ускуналар совға қилди.

Душанба куни ЮНИСЕФ Ўзбекистон миллий иммунизация тизимини ва бутун соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига компютерларни топширди, деб хабар қилди ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

2150 та компютер Ўзбекистоннинг самарали вакцина ва иммунизация бошқарувини жорий этиш имкониятларини кенгайтиради, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида мавжуд бўлган соғлиқни сақлашни бошқаришнинг функционал ахборот тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Глобал Вакциналар Алянси (Gavi) томонидан қўллаб-қувватланадиган жами 1,5 миллион долларлик асбоб-ускуналар бутун мамлакат бўйлаб эмлаш жойлари ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилади.

«Gavi кўмаги туфайли биз самарадорликни ошириш, вакцинадан қочиш ҳолатларини кузатиш, реал вақт режимида тенденцияларни аниқлаш ва пировардида тиббий хизматлар кўрсатишдаги камчиликлар ва имкониятларни аниқлаш имконига эга бўлдик», деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде.