Каратэ федерациясининг собиқ раҳбарлари жиноий иш қўзғатган

Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси президенти Федерациянинг собиқ раҳбарларининг фаолиятини, федерация фаолиятидаги коррупция белгиларини текшириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш агентлигига мурожаат қилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

 

Коррупцияга қарши кураш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тергов натижасида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган.

 

Мазкур ҳужжатлардан келиб чиқиб, Бош прокуратуранинг бошқа давлат ўрганлари билан ҳамкорликда ўтказган текширишлари натижасида Ўзбекистон Каратэ Миллий федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, ўта йирик миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштирганликлари аниқланди.

 

2020-2021 йилларда ўтказилган 10 та ўқув-машғулот йиғинида 49 нафар спортчи амалда қатнашмаган ва меҳмонхона хизматларидан фойдаланмаган бўлса-да, уларнинг иштироки ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 403 миллион сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилди.

 

Шунингдек, спортчилар томонидан фойдаланилмаган 64 турдаги 78,5 миллион сўмлик дори воситалари ўғирланган.

 

Спорт зали ижарага бериш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, спорт зали бўлмаган меҳмонхонанинг ҳисоб рақамига 128 миллион сўм маблағ ўтказилиб, ўзлаштирилган.

 

2021-йилда ўтказилган 3 та спорт мусобақаларида иштирокчилар томонидан тўланган 150 миллион сўм миқдоридаги бадаллар ҳисобга олинмаган.

 

Шунингдек, каратэ бўйича жаҳон чемпиони Д.О.ни амалда мураббийи бўлмаган фуқаро У.Б.га тегишли асосларсиз давлат бюджетидан 6000 АҚШ доллари ажратилган.

 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Миллий Каратэ федерацияси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.