Корея рақамли платформаси коррупция ҳақида хабардорликни оширишга ёрдам беради

Ушбу платформа аҳолига коррупцияга оид статистик маълумотларни олиш имконини беради.

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда Кореянинг замонавий «Clean Portal» платформаси асосида фуқароларни коррупсия фактлари тўғрисида тезкор хабардор қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Бундан 5 йил аввал ишга туширилган «Clean Portal» рақамли платформасининг асосий мақсади давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун асос бўлган фактларни хабар қилиш ва тўплашда фуқароларнинг фаоллигини оширишдан иборат.

Дастур аҳолига коррупсия бўйича энг кўп юборилаётган мурожаатлар динамикаси, маълумотлар базасига келиб тушган мурожаатлар сони ҳамда уларни соҳа ва ҳудудлар кесимида кўриб чиқиш бўйича статистик маълумотларни олиш имконини беради.

Бу эса давлат органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мурожаатлар, хабарлар мазмуни, шунингдек, коррупсия учун ишдан бўшатилган давлат хизматчилари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар тўғрисидаги маълумотларни олиш тартибини осонлаштирди.

Платформа фойдаланувчилари шикоят қайси ташкилотга тегишли бўлишидан қатъи назар, коррупция ва жамоат манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари юзасидан онлайн тарзда шикоят қилишлари мумкин.

Шунингдек, аризачи ўзи учун компенсация (рағбатлантириш) ва ҳимоя қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Тизим мурожаат этувчининг шахсий маълумотларини махфий сақлаган ҳолда ишончли шахслар орқали мурожаатни қабул қилади.

«Clean Portal» дастури доирасида вазирлик ва идораларда коррупсияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар, коррупсия омиллари ҳақида маълумотларни очиш ва алмашиш имконини берувчи «Clean Forum» ойнаси яратилди.

Ушбу ойнада барча вазирлик ва идоралар коррупсияга қарши фаолиятлари тўғрисидаги маълумотларни (ички ҳужжатлар, коррупция ҳолатлари, хавфларни баҳолаш натижалари) киритади ва фуқаролар улар билан танишишлари мумкин.

Бугунги кунга қадар 550 дан ортиқ давлат идоралари ва ташкилотлари ушбу форумга тегишли маълумотларни тақдим этмоқда.