Куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб бериш ҳажми оширилади

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2022-2023-йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 30,6 миллиард куб метр табиий газ ва 34 миллиард 918 миллион киловатт-соат табиий газ етказиб берилади.

Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ёқилғи-энергетика комплекси (ЁЭК) тизимида фаолият юритувчи ташкилот ва аксиядорлик жамиятларида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказди.

Саноат объектларини 2022/2023-йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлашнинг бугунги ҳолати, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 30,6 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш вазифаси қўйилди. Уларнинг 10,4 миллиард куб метри аҳолига, 20,2 миллиард куб метри эса иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилади.

Эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий йил охиригача истеъмолчиларга қўшимча 12 минг 700 дона маиший газ баллони етказиб бериш белгиланди.

Шунингдек, 168 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларини 10 минг 693 тонна суюлтирилган газ билан таъминлаш, чекка ва бориш қийин бўлган қишлоқ ва шаҳарларда кўмир ва суюлтирилган газ захираларини яратиш чоралари кўрилади.

15 сентабрдан ҳозирги кунгача истеъмолчиларга 144 минг тонна (16 фоиз) кўмир етказиб берилди. Йил охиригача 882 минг тонна кўмир етказиб бериш бўйича топшириқ берилди.

Умуман олганда, куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларига 34 миллиард 918 миллион киловатт-соат (аввалги куз-қиш мавсумига нисбатан 2 миллиард 540 миллион киловатт-соат кўп) электр энергияси етказиб берилади. Шу жумладан, аҳолига 10 миллиард 938 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.