Ўтган ҳафтадаги ғайритабиий иссиқ ҳаво яна бир “рекорд” ўрнатилишига сабаб бўлди – республикада электр энергияси истеъмоли тарихий максимал даражага етди.
Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг ёз мавсумида республика бўйича ўртача кунлик электр энергияси истеъмоли 224 миллион кВт/соатни ташкил қилган. 2022-йил 22-июл ҳолатига кўра, бир суткалик электр энергияси истеъмоли 237 миллион кВт/соатни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6% га кўпдир.
Бундан ташқари: бу нафақат ёзги давр учун, балки бутун йил учун максимал қиймат. Шу тариқа, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ёзида электр энергияси истеъмоли нафақат тарихий даражага етди, балки анъанавий равишда энг юқори бўлган куз-қиш даври кўрсаткичидан 15% га ошиб кетди.
2021/2022 йил куз-қиш мавсумида тошкентликлар кунига 24 миллион кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилган. Жорий йилнинг 22 июл ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 27,5 миллион кВт/соатни ташкил этди.
Вазирлик истеъмолнинг бундай кескин ўсишига янги бинолар қурилиши ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши билан изоҳ берди. Бундан ташқари, баъзи уй хўжаликлари кунига 1000 кВт/соатгача истеъмол қила бошладилар – оддий оила 4-5 ой ичида сарфлаганидан кўпроқ.
Департамент ҳозирча вазиятни назоратга олиш мумкинми ёки йуқми ва бунинг учун қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида хабар бермади. Энергетика вазирлиги фақат фойдаланувчиларга электр энергиясидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарурлигини эслатди. Ўзбекистонликлар огоҳлантирилганидек, “бутун электр таъминоти тизимининг соғломлиги ва кенг кўламли фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган унинг ортиқча юкланишининг олдини олиш мана шу иссиқ кунларда электр энергияси истеъмолига тежамкор муносабатда бўлишга боғлиқ”.
Аввалроқ, Энергетика вазирлиги иссиқлик туфайли турар-жойлар ва саноат объектларига электр таъминотини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини тушунтирган эди.