Қозоғистон Ионосфера институти ва “Ўзбеккосмос” агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишиб олинди

10-ноябр куни Қозоғистон Ионосфера институти ва “Ўзбеккосмос” агентлиги ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди ва унинг натижасида томонлар ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Коинот тадқиқотлари ва технологиялари агентлиги ахборот хизмати хабар беришича, 10 ноябр куни “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Қозоғистон Республикаси Ионосфера институти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда иштирокчилар қишлоқ ва ўрмон хўжалиги муаммоларини ҳал қилиш учун коинотдан мониторинг ўтказиш масалаларини кўриб чиқдилар. Хусусан, InSAR технологияларидан фойдаланадиган пилот лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва радар мониторинги маълумотларни таҳлил қилишнинг интерферометрик усулини қўллаш соҳасида Ўзбекистон агентлиги ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.