Қозоғистон Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Қозоғистон Республикаси Ўзбекистон билан қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони кейинги ўташ учун ўтказиш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади.

Мамлакатлар ушбу ҳужжатни имзолаш бўйича бир неча йиллардан бери музокаралар олиб бормоқда. Хулоса чиқаришдан аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги миграция жараёни таҳлил қилиниб, жиноятчилик билан боғлиқ вазиятга таъсири ўрганилди.

«Шартнома шартларига келсак, маҳкумни топшириш учун биринчи навбатда унинг розилиги керак. Бу шахс ўз мамлакатида жазони ўташ нияти ҳақида баёнот бериши керак. Яъни, маҳкумнинг розилиги инобатга олинади», — деди Қозоғистон бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев.

Қайд этилишича, 225 нафар судланган Ўзбекистон фуқароси жазони ўз мамлакатида ўташ истагини билдирган.

Экстрадиция қилиш учун маҳкумнинг ўзи ариза бериши ва унинг розилиги талаб қилинади. У ушбу давлат фуқаролигига эга бўлиши керак, жазони ўташнинг қолган муддати камида бир йил бўлиши керак. Иккала давлат ҳам трансферга рози бўлиши керак.

«Маҳкумлар мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етказса, миллий қонунчиликка зид бўлса ва шахсга нисбатан суд ёки тергов давом этаётган вақтда молиявий қарзлари бўлса, экстрадиция қилинмайди», дейилади хабарда.