Президент жаҳон чемпионатида медал қўлга киритган ампутант футболчиларга совғалар топширди

Фудбол бўйича ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчиларига Президент совғалари – Cobalt автомобиллари топширилди. Ғолибларни тақдирлаш маросими Миллий Паралимпия қўмитасида бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раисининг биринчи ўринбосари, АФУ биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ампутантлар ўртасидаги Фудбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси, вакиллари иштирок этди деб хабар беради МОҚ.

Спортчиларга автомобиллар калитлари тантанали равишда топширилди. Мутасаддилар футболчиларни табриклар экан, ампутантларга бўлган бундай эътибор бошқа имконияти чекланган ҳамюртларимиз учун ҳам спорт билан шуғулланишга катта туртки бўлишига умид билдирди.

Терма жамоа футболчилари кўрсатилаётган ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, бундан кейин ҳам Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берди.