21 апрел – Рамазон ҳайити куни бўлиб, у бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойи якунида нишонланади.
Бу байрам исломнинг икки асосий байрамларидан бири, иккинчиси Қурбон ҳайитидир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йилги Рамазон ҳайити 21-апрел, жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди.
Бу қарор Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ислом таълимоти ва астрономик маълумотлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтидан Рамазон ойини аниқлаш билан шуғулланувчи ЎМУ ишчи гуруҳи ҳижрий 1444-йил Шаввол ойининг янги ой фазаси 20 апрел куни соат Тошкент вақти билан 09:12да келганини тасдиқлади.
Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитини нишонлаш санаси ишчи гуруҳдан олинган сўнгги маълумотлардан сўнг 2023-йил 20-апрел куни эълон қилинишини маълум қилганди.
Шунингдек, диний идора барча мусулмонлар ушбу муҳим кунни бир хилда нишонлаши учун байрам ҳақидаги маълумотларни турлича талқин қилмасликка чақирмоқда.