Расул Кушербоев митинглар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилмаганига эътибор қаратди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Ўзбекистонда ҳалигача йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилмаганига эътибор қаратди.

Фарғонада ишчилар намойиши акс этган видеони эълон қилган блогер Олимжон Ҳайдаров ишчилар билан тил бириктирганликда айбдор деб топилиб, 21 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.

Акция чоғида ишчилар электр энергияси таъминотини қайта тиклашни талаб қилиб, электр энергияси йўқлиги сабабли 10 мингга яқин фуқаро ишсиз қолган. Кейинроқ 7 нафар намойишчи 5-10 кунга ҳибсга олинди, блоггер жаримага тортилди.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Ўзбекистонда ҳалигача йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар ташкил этиш ва ўтказиш тартиби мавжуд эмаслигига эътибор қаратди.

«Суд блогер Олимжон Хайдаровни «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини» бузган, деб топди ва бунинг учун жазолади. Шахсан мен бу буйруқни шу кунгача кўрганим ҳам, ўқиганим ҳам йўқ. Мен бу ҳужжатни ҳам топа олмаяпман. Мен Ички ишлар вазирлиги ходимларидан сўрадим, уларда ҳам йўқ», — деб ёзди депутат ўзининг Telegram-каналида.

Расул Кушербоев суддан фуқаролар уни бузмаслиги учун ушбу тартибни эълон қилишни сўради.

«Агар суд қонун бузилганлигини аниқлаган бўлса, бу буйруқ унга маълум. Шунинг учун Олий суддан жавоб кутамиз», – дея қўшимча қилди депутат.