Россия армиясининг кучи тугамоқда, Украина ҳужумга ўтиши мумкин – МИ6

Британия ташқи разведкаси МИ6 раҳбари Ричард Мурнинг таъкидлашича, келгуси бир ой ичида рус қўшинлари фронтга янги қўшинлар ва қуролларни жўнатиш тобора қийинлашади. Унинг фикрича, Украина учун бу қарши ҳужум учун имкон пайдо бўлишини англатади.

«Ўйлайманки, улар тез орада тўхтайди. Улар қандайдир пауза қилишларига тўғри келади ва бу украиналикларга зарба бериш имкониятини беради», — деди Мур Аспендаги (Ақш, Колорадо штати) хавфсизлик форуми чоғида.

МИ6 раҳбари Россиянинг Украина президентини лавозимидан четлатиш, Киевни қўлга киритиш ва Ғарбда низо уруғлантиришдек асл мақсадларига эриша олмаганини епик муваффақиятсизлик деб баҳолади. У Россия босқинини Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг даҳшатли, яширин босқинчилик ҳаракати деб атади.

Июл ойи бошида Лисичанск қўлга киритилгач, Россия армияси оператив пауза эълон қилди, бироқ бир неча кун олдин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларга амалиётларни фаоллаштиришни буюрди. Охирги қарийб уч ҳафта давомида Россия ҳарбийлари, жумладан, асосий кучлари Донецск ва Луганск вилоятларида ҳам муваффақиятга эриша олмади.

Украина ва унинг иттифоқчилари Россия армиясининг заифлашишини Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, Ақш томонидан етказиб берилган узоқ масофали артиллериядан фойдаланиш билан боғлайди. Хусусан, HIMARS реактив учирувчи ракета тизими Украина Қуролли Кучларига Россия ўқ-дорилар омборлари ва базаларига зарба беришга имкон беради ва шу тариқа Москванинг ўқ отиш кучи бўйича устунлигини йўқ қилади.

Аспендаги форумда Мур, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс томонидан айтилган 15 минг кишидан иборат Россия армиясининг йўқотишлари ҳақидаги рақамларни тасдиқлади. Бироқ, Мур бундай маълумотларни «эҳтимол, консерватив ҳисоблар» деб атади.

«Бу улар 1980-йилларда Афғонистонда 10 йил давомида (урушнинг) йўқотган сонига тенг. Булар эса Санкт-Петербург ёки Москвадаги ўрта синф йигитлари эмас. Булар Сибирнинг ишчи шаҳарларидан келган камбағал йигитлар. Улар орасида бошқа миллат вакиллари номутаносиб равишда кўп. ”- деди Мур.

Бернсга кўра, Россия армияси Украинадаги урушда яна 45 мингга яқин ярадорини йўқотган.

Украина Россия армиясининг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари сонини 38,5 мингдан ортиқ киши деб ҳисоблайди. Россия ўз йўқотишлари сонини охирги мартда 25 март куни эълон қилди: ўшанда урушда 1,3 мингга яқин одам ҳалок бўлгани айтилган эди, аммо экспертлар бу рақам аниқ кам баҳоланган деб ҳисоблашади.