СамҲЭТК раҳбари ишчиларни оммавий ишдан бўшатгани учун судга тортилди

СамҲЭТК ходимларини оммавий равишда ишдан бўшатиш ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди. Суд вазиятни ўрганмоқда.

Ижтимоий тармоқларда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ янги раҳбари Ғ.Маматқулов устидан шикоятлар бўлган. Фойдаланувчиларнинг сўзларига кўра, у оммавий равишда ва огоҳлантиришсиз корхона ходимларини ишдан бўшатади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги СамҲЭТКдаги вазият билан қизиқди. Самарқанд вилояти Бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси давлат инспекцияси ходимлари воқеа жойида ўз текширувларини ўтказди. Ишни ўрганиш давомида меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, СамҲЭТК томонидан Меҳнат кодексининг 100 (иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш), 102 (иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш), 108-моддалари (меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини бериш) талаблари бажарилмаган.

Маълум бўлишича, ишдан бўшатилган ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилган. Ҳозир суд даъволарни кўриб чиқмоқда.