Самарқанд давлат тиббиёт университетининг болалар хирургияси ихтисослаштирилган клиникасида тажриба алмашиш мақсадида масофавий телемедицина маркази очилди.
Лойиҳа Корея Республикасининг Kyungpook National University Hospital (KNUH) билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Мазкур марказни ташкил этишдан мақсад болалар жарроҳлигида инновацион усуллар бўйича тажриба алмашиш, беморларга масофадан туриб маслаҳат бериш учун шароит яратишдир.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаевнинг айтишича, “клиникада телетиббиёт марказининг очилиши нафақат ҳамкорликнинг янги босқичи, балки аҳолига ихтисослаштирилган жарроҳлик ёрдами кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.»
Марказнинг очилиши илмий изланишлар даражасига ҳам таъсир қилади. Улар Жанубий Кореядан олиб келинган замонавий ускуналар ҳисобига анча самарали бўлади.
2019-йилнинг 19-апрел куни Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Болалар жарроҳлиги бўйича ихтисослаштирилган клиникаси ва Kyungpook National University Hospital (KNUH) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат Самарқанд клиникаси амалиётига эндожарроҳлик операцияларини жорий этиш имконини берди. Меморандум шунингдек, тиббиёт соҳаси мутахассислари ва тадқиқотчиларга ўзаро тажриба алмашиш, клиникани замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш имконини берди.