Самбо бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади

Тошкентда самбо бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Чемпионатнинг сўнгги кунида Нодиржон Мирхолиқов жаҳон чемпионатида жамоаси ҳисобига учинчи олтин медални тақдим этди.

Чемпионатнинг учинчи, сўнгги кунида эркаклар ва аёллар ўртасида 7 тоифа, шунингдек, эркаклар ўртасида жанговар самбо бўйича мусобақалар ўтказилди.

Учинчи кунги жанглар якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 4 та медални қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида 98 килограммгача бўлган вазн тоифасида Нодиржон Мирхолиқов финалда россиялик Антон Коноваловни енгиб, жаҳон чемпиони бўлди.

Жанговар самбо бўйича 71 килограмм вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда ўзбекистонлик Истам Қудратов бронза медалига сазовор бўлди.

79 кг вазн тоифасида Рўзиев Фурқат финалда украиналик Владислав Рудневга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.

Жанговар самбо бўйича 88 кг вазн тоифасида Хасанбоев Соҳибжон финалда россиялик Магомед Магомедовга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.

Чемпионат якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.