Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бекободга ташрифи чоғида Эл Голазо футбол академияси фаолияти билан танишди.
Испаниянинг машҳур “Реал Мадрид” клуби жамғармаси кўмагида ташкил этилган мактаб ўтган йилнинг октябр ойида ўз фаолиятини бошлаган эди.
Машғулотлар «Реал Мадрид» футбол клуби анъаналари асосида ўтказилмоқда. Мураббийлар штабида учта испаниялик мутахассис бор.
Бугунги кунда академияда 200 дан ортиқ бола таҳсил олмоқда. Бу ерда ўқишни ҳоҳловчилар кўп. Шунинг учун бу эрга 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар танлов асосида қабул қилинади. Яқинда 48 нафар иқтидорли тарбияланувчи Испанияда ўқув-машғулот йиғинидан ўтди.
Давлатимиз раҳбари академияда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, болалар билан суҳбатлашди.
“Сизнинг қандай замонавий шароитда шуғулланаётганингизни, кўзларингиз қандай ёнаётганини кўрганимдан мамнунман. Келажакда сизлардан машҳур футболчилар, чемпионлар чиқишига ишонаман. Энг муҳими, соғлом улғаясиз, фарзандларингизни спорт билан таништирасиз. Ёшларда ана шундай интилишни шакллантириш бизнинг мақсадимиздир”, деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ушбу футбол мактаби тажрибасини оммалаштириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шунингдек, Бекобод шаҳридаги кекса авлод вакиллари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, фаол хотин-қизлар билан суҳбат бўлди. Маҳаллабой меҳнатининг янги тизимини ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.
Президентнинг Бекобод шаҳрига сафари шу билан якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтди.