Шавкат Мирзиёев оилавий корхонага ташриф буюрди

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида Шавкат Мирзиёев “Уста Юсуфжон Наккош” оилавий корхонасида бўлди.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизматидан маълум қилишларича, корхона раҳбари Муҳаммадали Юнусов ёғоч ўймакорлиги миллий мактаби анъаналарининг муносиб давомчисидир.

Унинг асарлари мамлакатдаги кўплаб мақбаралар ва янги мажмуаларни безатган. Ўзбекистон халқ устаси унвони билан тақдирланган.

Муҳаммадали Юнусов ижодида “паргори”, “шарафа”, “мукарнас”, “ислими” услублари устунлик қилади. Устанинг ўйилган устунлар, стуллар, лаганлар, қутилар ва бошқа буюмлари доимо харидоргир.

Устознинг шогирдлари кўп. Шу боис корхона кенгаймоқда, янги бино қурилмоқда.

– Аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уни навқирон авлодга етказиш, ёшларни иш билан таъминлаб бераётганингиз учун ташаккур. Бу ҳунармандчилик турларини янада оммалаштириш зарур. Улар маданият, таълим ва иқтисодиётни ўз ичига олади”, деди президент.

Давлатимиз раҳбари мазкур оилавий корхона ёнида халқ ҳунармандчилиги билан бирга математика, геометрия, физика, кимё каби фанлар ҳам чуқур ўқитиладиган мактаб ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Тошкент, Самарқанд, Хива ва Бухорода ҳам шундай ёғоч ўймакорлиги марказларини ташкил этиш топширилди.