Швейцария судида Гулнора Каримованинг адвокатлари ғалаба қозонди

Адвокатлар судда Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова мансабдор шахс эмаслигини исботлади.

Bloomberg маълумотларига кўра, суддаги ғалаба Гулнора Каримовага Швейцарияда музлатиб қўйилган 303 миллион Ақш доллари (293 миллион франк) миқдоридаги маблағни қайтариш учун қонуний асос яратади.

Швейцария апелляция суди йирик коррупция можаросидан кейин қамоққа олинган Гулнора Каримовани мансабдор шахс эмас, деган қарорга келди.

Ўз навбатида, унинг телекоммуникация шартномалари эвазига пора олгани ҳақидаги иддаолар ўз исботини топмаган.

Аввалроқ Гонконгда Гулнора Каримова билан боғлиқ ҳашаматли кўчмас мулк, ўзи ва унинг шериклари қамоқда бўлишига қарамай, 285 фоизлик фойдага сотилгани хабар қилинганди.

Жорий йилнинг феврал ойида Адлия вазирлиги ваколатли давлат органлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида Франсиядан Ўзбекистонга 10 миллион доллар қайтарилгани ҳақида хабар берган эди. Активлар Гулнора Каримовага тегишли эди.