Сил касаллигига чалинганлар бепул дори-дармонлар билан таъминланади

Сил касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш учун Ўзбекистон давлат бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади.

Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан фтизиатрия ва пулмонологияни ривожлантириш, ОИТС профилактикаси масалаларига бағишланган йиғилиш якунлари бўйича маълум бўлди.

«Сил касаллигини қўзғатувчи инфекцияни молекуляр-ирсий диагностика қилиш, яширин сил касаллиги билан оғриган беморларни аниқлаш ва профилактик даволаш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари ОИВ инфекциясига чалинганларга ёрдам кўрсатишни муҳокама қилдилар. ОИВ тестини мамлакатдаги қўшимча 3 миллион кишини қамраб олиш учун кенгайтириш керак.

Аллақачон касалланган фуқароларга келсак, уларга 22 турдаги вирусга қарши дори воситалари бепул берилади.

Вилоят марказлари ва туманлараро ОИТС лабораторияларини таъминлаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш масалаларига бағишланган йиғилиш якунларига кўра масъул шахслар тайинланди.