Сирдарё вилоятида куйдирги касаллиги аниқланди

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Сардоба тумани Хавотоғ қишлоғи Зомин маҳалласида яшовчи фуқародан А-22 касаллиги аниқлангани, шу муносабат билан туманда ўн кунлик карантин эълон қилингани ҳақида маълумот тарқалди.

ДСХ Сирдарё вилояти бошқармаси бу маълумотни тасдиқлади.

Касалликларнинг халқаро таснифига (ICD-10) кўра, А-22 куйдирги ҳисобланади.

“Касаллик одамдан одамга юқмайди, фақат ҳайвондан касалланган чорва молларини сўйиш пайтида ва хом гўшт билан алоқа қилиш орқали юқади. Инфекция ҳолатларида карантин фақат йирик ва майда қорамолларга тегишли”, — дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда маҳалладаги барча қорамол ва майда қорамоллар куйдиргига қарши эмланган. Вилоят маъмуриятининг таъкидлашича, ҳозирда эпидемиологик вазият ташвиш туғдирмайди.